ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. “Адолат” СДП депутатлари автомобилни жазирама иссиқдан ҳимоя қилишнинг янги усулини муҳокама қилишди.
Бу йилги ёз ойлари Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг иссиқ экани қайд этилмоқда. Айниқса, бундай жазирама кунлар автомобиль ҳайдовчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, айниқса, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу, шубҳасиз, автомобиль ойналарини қорайтириш (“тонировка”) масаласидир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларни қийнаётган ушбу масала юзасидан, аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хафвсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиққан.
Қайд этилишича, бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради.
“Тақдим этилган намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди”, - дейилади хабарда.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.
Депутатлар автомобил ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритди
Маълум қилинишича, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
“Тонировка” учун жарима кескин оширилишидан нима мақсад – ЙҲББ жавоби
Хабарда мамлакатда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлиши таъкидланган. Уларнинг фикрига кўра, бу эса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзалликлар туғдиради.