ТОШКЕНТ, 18 июл – Sputnik. Июнь охиридан, узоқ йиллар давомида биринчи марта Қозоғистон Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қила бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Икки давлатнинг ваколатли ташкилотлари ўртасида тузилган битимга кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистон энергетика тизимига 1 млрд кВт-соатдан ошиқроқ электр энергияси экспорт қилинади. Ўзбекистонга электр энергияси экспортини амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири Қозоғистоннинг ички эҳтиёжини таъминлаш ҳисобланади.
“Қозоғистон истеъмолчиларини электр таъминоти билан узлуксиз ва ишончли таъминлаш учун аварияга қарши автоматикани созлаш бўйича тадбирлар мажмуаси ва технологик қоидабузарликлар вазиятида ўзбекистонлик истеъмолчилар учун чекловлар киритиш кўзда тутилган”, - дейилади вазирлик хабарида.
Маълум бўлишича, электр энергиясини етказиб бериш бошланган ва июнь ойи охиридан 17 июлгача Ўзбекистонга 145 млн кВт-соат электр энергияси экспорт қилинган.
Таъкидланишича, Қозоғистон электр энергиясини етказиши Қозоғистондаги электр станцияларни модернизациялаш, реконструкциялаш ва кенгайтириш ҳисобига электр қувватларидаги профицит эвазига мумкин бўлган.
Хабарда икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар нафақат электр энергетикаси соҳасида, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликка хизмат қилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини сота бошлаши ҳақида хабар бергандик.