Ўзбекистонда профессионал таълимнинг янги тизими ва янги тармоғи йўлга қўйилади

Давлат раҳбари янги профессионал таълим тизимини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш масаласига алоҳида тўхталди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги йилларда мамлакатда таълим тизими модернизация қилиниб, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари жорий этилмоқда. Ҳудудларда янги, шу жумладан, хорижий таълим муассасалари ташкил этилиб, талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашга шароит яратилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилди

Йиғилишда ўрта бўғин мутахассислари ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 

“Коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилди. Ушбу муассасаларда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ўқитиш муддатлари зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича бўлади” – дейилади хабарда.

Йиғилишда ушбу тизимни жорий қилишдан олдин унинг методологиясини яратиш, таълим дастурларини халқаро талаблар асосида янгидан ишлаб чиқиб, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш усталарини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди. Ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш ва рағбатлантириш бўйича таклиф киритиш топширилди.  

МГИМО филиалида тармоқли таълим шакли йўлга қўйилади - Торкунов

Хабарда таъкидланишича, давлат раҳбари янги профессионал таълим тизимини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш масаласига алоҳида тўхталди. 

Жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги қайд этилди. Масалан, енгил саноатда 46 минг, қурилишда 104 минг, металлга ишлов бериш бўйича 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 67 минг нафар мутахассис етишмаяпти. Бу таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида уйғунлик йўқлиги оқибатидир.

Шу боис битирувчининг ишга жойлашиши ёки ўз бизнесини йўлга қўйиши таълим муассасалари фаолиятининг асосий мезони бўлиши кераклиги қайд этилди.

Янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди

Президент янги профессионал таълим тизими бўйича таклиф этилган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.