Эртага “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш лойиҳаси имзоланади

Эртага Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича 10 йиллик лойиҳа имзоланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Афғонистон эртага, 17 июль куни “Сурхон – Пули-Хумри” ЛЭП-500 -  электр узатиш линияси лойиҳасини имзолайди. Бу ҳақида Sputnik мухбирига президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев хабар қилди. 

“Эртага бўлиб ўтадиган қўшма комиссиямиз йиғилишида вазиримиз айтиб ўтган электр энергиясини узатиш  - ЛЭП 500 Сурхон-Пули-Хумри проектига қўл қўямиз ва шу билан биргаликда Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасида 10 йил давомида бу электр қувватини сотиб олиш бўйича шарномага ҳам имзо чекиб, бу проектни амалга оширишни бошлаймиз”, - деди Иргашев.

Маълумот учун, ушбу электр узатиш линиясининг дастлабки қиймати 150 миллион доллар бўлади ва ундан 32 миллиони Ўзбекистон ичида амалга ошириладиган ишлар учун қолган 118 миллиони Афғонистонда бажариладиган ишларга сарфланади. Электр узатиш линияси узунлиги 260 километрни ташкил қилади, ундан 45 километри Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб, 215  километри – Афғонистон ҳудуди бўйлаб ўтади.

Ўзбекистон Афғонистонга экспорт ҳажмини уч миллиард долларга етказмоқчи

Лойиҳа ўзини қоплаш муддати – 12 йил, ўтказиш қуввати – 1000 МВт. Яъни ундан қўшни мамлакатга кунига 24 млн Вт/соат, йилига эса 6 милрд кВт/соат энергия етказиб бериш мумкин.  

Бугунги кунда Афғонистонда электр энергиясига жуда катта эҳтиёж мавжуд, Ўзбекистон бўлса – унинг асосий етказиб берувчисидир. Келажакда етказиб берилаётган энергия ҳажми ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистонга 2002 йилдан буён электр энергияси етказиб беради. 2002 йилда 62 млн кВт/соат бўлса 2018 йилда етказиб берилган энергия ҳажми – 2 млрд. кВт/соатга етди.