Депутатлар автомобил ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритди

Айни кунларда жазирама иссиқ туфайли автомобилда ҳаракатланаётган йўловчи ва ҳайдовчиларнинг қуёш нурларидан ҳимояланишга эҳтиёжи ортиб бораётганлиги барчага маълум. Шуни инобатга олган бир гуруҳ депутатлар автомобил ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш ташаббуси билан чиқишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербоев, Бекзод Ортиқов, Жамшид Пирматов автомобиллар ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев телеграмдаги каналида маълум қилди.

“Тонировка” учун жарима кескин оширилишидан нима мақсад – ЙҲББ жавоби

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”да Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлардан бир сифатида барча транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлиши белгиланган.

“Шу билан бирга, масаланинг қонуний ечими сифатида жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари, юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз қирқ баравари миқдоридаги тўлов эвазига ички ишлар органлари рухсатномаси асосида ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилган.

Мазкур тартибга риоя этилмаган ҳолатларда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан қирқ баравари миқдоригача жарима тўлаш белгиланган.

Аҳоли ва жамоатчиликнинг фикри асосида хулоса қилинса, бундай тартиб ва қоидаларнинг амалга татбиқ этилишида бир қатор ўзига хос хусусиятлар инобатга олинмаган. Жумладан:

  • мамлакатимиз нисбатан иссиқ об-ҳаво кузатиладиган иқлим минтақасида жойлашганлиги;
  • иссиқ ва қуёшли кунларда автомобил эгалари ва ундаги йўловчиларнинг иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши ҳуқуқи учун пул тўлашга тўғри келаётганлиги, бунга имконияти бўлмаганларга эса иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши учун қонуний тартиблар мавжуд эмаслиги;
  • ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат олиш учун белгиланган тўлов миқдори айрим янги автомобил қийматининг 30 фоизидан, ҳаттоки баъзи автомобилларнинг иккиламчи бозордаги нархининг 50 фоизидан ҳам кўпни ташкил этаётганлиги;
  • аҳоли ўртасида жамиятимизда аҳолининг бой ва камбағал қатламга ажратиб қўйилмоқда, деган тушунча пайдо бўлаётганлиги;
  • қонун ҳужжатларида “ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўриш” тушунчасига тушунтириш мавжуд эмаслиги инобатга олинмаган.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўлов эвазига ойнасининг тусини ўзгартиришга рухсат олиб ўзгартирган енгил автотранспорт воситаларини текшириш учун тез-тез тўхтатилаётганлиги ва уларнинг қимматли вақтлари йўқотилаётганлиги ҳам фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мазкур масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам сайловчилар томонидан шу мазмундаги мурожаатлар кўпайганлиги муаммонинг долзарблигини англатади.

Ушбу мурожаатлар бўйича қонун ҳужжатлари ва йигирмага яқин (Буюк Британия, Польша, Швеция, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳ.к.) хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиб чиқилди.

Алкогол, телефон ва тонировка: Тошкентда яна нималар учун ҳайдовчилар жаримага тортилди

Натижада, аввало хавфсизлик масалаларини инобатга олган ҳолда йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун автотранспорт воситаларининг икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга халақит бермаган ҳолда орқа ва ён ойналарига чий парда ёки дарпарда ўрнатилишига ҳеч қандай тўловларсиз рухсат берилиши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.

Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан ваколатли давлат органларига амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг тегишли бандига ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга халақит бермаган ҳолда орқа ва ён ойналарига чий парда ёки дарпарда ўрнатишга бепул асосда рухсат беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги таклифлар тақдим этилди”, - дея ёзади Расул Кушербаев.

Ўзбекистонда чет эл автомашиналаридан “тонировка” учун йиғимни ундириш тартиби тасдиқланди

Хабарда таъкидланишича, депутатлар кўп минг сонли фуқароларнинг мурожаатлари асосида тақдим этилган ушбу таклиф юзасидан масъулларнинг муносабати натижалари ҳақида тез кунларда албатта маълум қилинади.