ТОШКЕНТ, 15 июл – Sputnik. Нигериялик сенартор ва фуқаролар ҳуқуқлари бўйича маҳаллий Конгресс президенти Шеху Сани ватандоши Али Абубакр ўлими учун Нигерия Қирғизистон ҳукуматини жавобгарликка тортиши кераклиги ҳақида Twitter саҳифасида пост ёзди.
Сиёсатчи хорижда нигериялик фуқароларга нисбатан қотилликлар сони ортиб бораётганидан хавотирда эканлигини билдирди.
Фожиа 2 июль куни содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, номаълум шахс нигериялик фуқаро Али Абубакрнинг бошига кучли зарба берган, бунинг оқибатида у ерга юзтубан йиқилган ва ҳушидан кетган.
Тергов иши дастлабки маълумотларига қараганда, эркаклар марказий савдо марказига кириш қисмида тўқнашишган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Шу вақтда эркак чет эллик фуқарога зарба берган.
Нигерия фуқароси кома ҳолатида жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Эртасига ушбу ҳолат бўйича шов-шув кўтарилгач, бош вазир айбдор шахсни топиш ҳақида топшириқ берган ва милиция гумонланувчини қўлга олган.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Нигерия фуқароси Али Абубакир ўзига келмасдан 5 июль куни вафот этган.
Нигериялик Бишкекдаги Cambridge School директори бўлган, у пойтахтдаги "Арча-Бешик" туманидаги қабристонга дафн этилди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.