Камилов Афғонистон элчиси билан муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

Элчи Ўзбекистон томонига афғонлараро мулоқот механизмларини бошлашга салмоқли ҳисса қўшгани учун ташаккур изҳор этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июл – Sputnik. 15 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Аҳмад Ҳолид Элмий билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилган вазир элчини самимий қутлади ва биргаликда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайишга ишонч билдирди.

“Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Ашраф Ғани Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишидан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.

Хабарда Афғонистондаги кўп йиллик можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.

Элчи президент Муҳаммад Ашраф Ғани номидан президент Шавкат Мирзиёевга Афғонистонни доимий қўллаб қувватлагани учун чуқур миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистон томонига афғонлараро мулоқот механизмларини бошлашга салмоқли ҳисса қўшгани учун ташаккур изҳор этди. Бунга ўтган йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция сезиларли туртки берди.

Учрашувда, шунингдек, бўлажак қўшма тадбирлар кун тартиби ва жадвали, жумладан, Тошкент шаҳрида ўтказишилиши режалаштирилаётган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи мажлиси юзасидан фикр алмашилди.