Кореяга кетиш учун имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда

Меҳнат вазирлиги Кореяга кетиш учун ўтказўилаётган имтиҳонларни онлайн трансляция қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июл – Sputnik. Бугун Кореяга кетиш учун топшириладиган EPS-TOPIC имтиҳонларига кириш учун корейс тилини билиш бўйича саралаш тест синовлари ўтказилмоқда, деб хабар қилмоқда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

Саралаш тест имтиҳонларида жами 750 нафар номзоднинг иштирок этиши белгиланган. Улар тест синовига аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида киритилади. Тест синовлари 14 июль куни соат 08:00 дан 20:00 га қадар бўлиб ўтади.

Имтиҳон жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест ўтказилаётган бинога ва аудиторияга 30 дан ортиқ кузатув камералари, жараённи тўлиқ кузатиб бориш учун махсус айланма видеокамералар ўрнатилган. Шунингдек, имтиҳон жараёнларини реал вақт давомида кузатиб бориш учун Меҳнат вазирлиги сайтида онлайн намойиш узатилмоқда.

Россияда ишлашни истовчилар Тошкентда пуллик имтиҳон топширишлари мумкин

Маълумот учун, имтиҳонда корейс тилидан 40та савол тақдим этилади. Мазкур саволларнинг 20 таси матнли, 20 таси аудио вариант ҳисобланади. Тест саволларини бажариш учун 45 дақиқа ажратилган. Имтиҳон 100 балли тизимда баҳоланиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2.5 балл берилади.

Номзод тест саволларини бажариб бўлгач, тестни якунлаш тугмачасини босади ва шу заҳоти монитор орқали қанча балл тўплаганлигини билиб олади. Бундан ташқари, ҳар бир номзоднинг тест натижалари қоғозда чоп этилиб, номзодга тақдим этилади.