Ўзбекистонда суицид ёши "ёшариб" бормоқда

Ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп - 45%ни ташкил этган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik. Ўзбекистонда 2019 йилнинг ўтган даврида эркаклар ва аёллар ўртасидаги суицид кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга камайди, деди бугун ўтказилган матбуот-анжумани давомида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова.

Ўзбекистон Бош суицидологи лавозими жорий этилди - у нима учун керак?

Таъкидланишича, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг 57,3 %и эркаклар томонидан, 42,7 %и аёллар томонидан содир этилган.

Хотин қизлар қўмитаси суицид ҳолатлари аниқ сони бўйича маълумотни очиқлашни истамади.

Шу билан бирга матбуот-анжуманида қайд этилди-ки, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 100 % деб олинганда, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 55,5 %ни ташкил этган.

"Суицид ёши "ёшариб" бормоқда", - деди хотин-қизлар қўмитаси вакили

Ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп - 45%ни ташкил этган. Оилавий жанжаллар хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши туфайли суицид содир этганлар миқдори 13,7 %ни ташкил этган.

Шунингдек, моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 %), гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 %), рашк туфайли (0,7 %, ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 %) ва бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) - 17,6 %ни ташкил этган.

Қайғули статистика: Ўзбекистон суицидлар бўйича Марказий Осиёда учинчи ўринда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг маълум қилишича, суицид ҳолатларининг олдини олиш бўйича қатор чоралар белгилаб олинган ва амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда соғлиқни сақлаш вазирлиги билан патронаж хизмати, шунингдек хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш орқали рухиятида ўзгариши бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларни психологлар орқали соғломлаштириш, ҳолат содир этилганда тез тиббий ёрдам ходимлари билан бирга психиаторларни бориши йўлга қўйилган.

Шунингдек, халқ таълими вазирлиги билан таълим муассасаларида мажбурий психологик тестлар ўтказиш орқали рухиятида ўзгариши бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва уларни соғлом хаётга қайтариш, психолог мутахассисларни тайёрлаш белгиланган.

Қолаверса, дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ислом динига мутлақо тўғри келмаслиги бўйича маърузалар тезислари ишлаб чиқилган ва жойлардаги диний улармоларга аҳоли ўртасида тарғиб этиш учун етказилган.