Ўзбекистонда 78 ёшли фуқаро олий таълим олмоқчи

Фуқаро Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига ҳужжат топширди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июл – Sputnik. Ўзбекистонда 78 ёшли фуқаро олий таълим олмоқчи.

ЎзАнинг ёзишича, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига Сурхондарё вилояти, Ангор тумани, “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1941 йил 13 апрелда таваллуд топган фуқаро Маматқул Бердиалиев ҳужжат топширган.

Ўзбекистон ҳукумати чет эл фуқароларини ОТМларга қабул қилиш тартибини белгилади

Маълум қилинишича, биринчи йўналиш сифатида “Мевачилик ва узумчилик таълим йўналиши”ни, иккинчиси “Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик”, учинчи эса “Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш" йўналишларини танлаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда республика Олий таълим муассасаларига абитуриент сифатида рўйхатга олинаётган 50 ёшдан ошган фуқаролар сони кўпчиликни ташкил этмоқда. Бунга сабаб бу йилдан бошлаб, ёшга доир чекловларнинг амал қилмаслиги бўлди.

Ўзбекистонда ОТМларга ҳужжат топшириш муддати 15 июль куни якунланади.