ТОШКЕНТ, 11 июл – Sputnik. Тошкент халқа автомобиль йўлидаги “Тошкент савдо маркази”, “Бек Тўпи”, “Чилонзор буюм бозори” ва “Ўрикзор” бозорлари яқинида ўрнатилган камералар биринчи иш куни ҳайдовчилар томонидан 782 та “Тўхташ тақиқланган” (3.27) белгисини менсимаслик ҳолатини қайд этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузилиши нуқтаи назаридан пойтахт бозорлари энг муаммоли жойлар ҳисобланишади.
3.27 белгиси остида автомобилни тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 3 бараваригача (608 190 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур камералар 10 июлдан иш бошлади. Улар 360 градусга ўгирила олади. Автомобиль мумкин бўлмаган жойда тўхтагач, видеокамера автоматик тарзда вақтни ва “қоидабузар” автомобилнинг давлат рақамини қайд этади. Маълумотлар онлайн-тарзда базага йўналтирилади, у ерда эса жарима солиш бўйича қарорни шакллантириб, уни почта орқали қоидабузарга жўнатиш учун йўллайди.