“КАМАЗ” тиркамасида ёнган сомон бир кишининг умрига зомин бўлди

Қашқадарёда юк автомобили тиркамасида ёнаётган сомонни ўчиришга уринган йўловчилардан бири куйиш тан жароҳатини олди, иккинчиси эса тиркамадан бош қисми билан ерга йиқилиб, воқеа жойида вафот этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл - Sputnik. Қашқадарё вилоятида юк автомобили тиркамасида ёнган сомон катта фожиага сабаб бўлди.

ДЁХХ хабарига кўра, 10 июль Шаҳрисабз тумани “Шакартери” МФЙ, Шовкан қишлоғидан ўтувчи йўлдан ҳаракатланиб кетаётган “КАМАЗ” русумли юк автомобили тиркамасида сомон ёнаётганлиги ҳақида туман ЁХБ диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.

Тошкент вилоятида болалар уйга ўт қўйиб юборишди

Воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Бўлинмаларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин бартараф этилган ва  ёнғиндан юк автомобили ҳамда унга ортилган 400 дона сомон ғарами (пресс) асраб қолинган.

“Ёнғин ўчириш бўлинмаларининг етиб келгунига қадар ёнғинни ўчиришга уринган икки йўловчилардан бири фуқаро Ш.Э. куйиш тан жароҳати олиб шифохонага юборилган, иккинчи фуқаро Н.З. эса тиркамадан бош қисми билан ерга йиқилиб, жойида вафот этгани маълум бўлган”, - дейилади хабарда.

Хабарда ёнғиннинг тахминий келиб чиқиш сабаби юк автомобили ва тиркамасига ортилган сомон прессларининг устки қисми электр сим ёғочнинг симларига тегишидан ҳосил бўлган қисқа туташув натижаси эканини қайд этилган.

Ҳозирда ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.