Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марҳамат туман туғруқхонасидаги ҳолат юзасидан изоҳ берди

Кеча ижтимоий тармоқлар орқали Андижон вилоят, Марҳамат туманидаги туғруқхонада аёллар жой етишмаслигидан ерда ётаётганлиги тўғрисида турли хабарлар тарқалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марҳамат туғруқ комплексидаги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қовун ва тарвуз: вазирлик Пахтачидаги ҳолатга аниқлик киритди

Хабарда айтилишича, куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали Андижон вилоят, Марҳамат туманидаги туғруқхонада аёллар жой етишмаслигидан ерда ётаётганлиги тўғрисида турли хабарлар тарқалди.

Ушбу хабар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш ишларини олиб борди ва ҳолат бўйича қуйидагилар маълум бўлди.

Марҳамат туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси 1982 йилда қурилган бўлиб, 2 қаватли бинодан иборат. Мазкур муассаса бунёд этилганидан буён капитал таъмирланмаганлиги сабаб 2018 йилнинг октябрь ойида қайтадан реконструкция қилинди ва 50 ўринга мўлжалланган замонавий туғруқ комплекси жорий йил март ойида фойдаланишга топширилди.

Айни пайтда бу ерда беморлар учун бир қатор қулайликлар яратилган. Жумладан, куз-қиш мавсуми учун туғруқ комплекси хоналаридаги ҳароратни бир меъёрда сақлаш мақсадида бино қозонхонасига замонавий тежамкор АКС-100 русумли иситиш қозони ва хоналардаги чўян қовурғали иситиш мосламалари ўрнига замонавий радиаторлар ўрнатилди. Шунингдек, туғруқ комплекси хоналаридаги барча эшик, дераза ва ромлар янгиларига алмаштирилди.

“Шу йилнинг 23 июнь (якшанба) кунидан 24 июнь (душанба) кунига ўтар кечаси туғруқхонага мурожаат қилган аёллар сони нисбатан ортган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқорида айтиб ўтилган 50 ўринга мўлжалланган койкаларимизда 23 июнь (якшанба) куни эрталабки ҳолат бўйича 46 нафар, 24 июнда (душанба) эса тонгга қадар 63 нафар туққан ва дард билан келган аёллар бўлган. Қолаверса, 22-23 июнь ҳафтанинг дам олиш кунлари бўлганлиги сабабли туман ФҲДЁ бўлимидан янги туғилган чақалоқларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг олиш имконияти бўлмаган. Бу эса, ўз навбатида, янги туғилган чақалоқ ва унинг онасига уйига кетишига рухсат берилмаслигини англатади. Шу боис 23 июндан 24 июнга ўтар кечаси Марҳамат туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида беморларнинг сони ортгани ва туғруқ комплекси ўринларининг мавжуд имкониятлари чегараланганлиги, энг муҳими, тўлғоқ билан келган ҳомиладор аёлларга тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати сабаб бир неча нафар аёлга маълум муддат бинонинг файесига вақтинча дам олиши учун жой тайёрланган”, -  дейди Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳманов.

Жиззахда ЙХҲБ инспекторини калтаклаган фуқаро қўлга олинди

Вазирлик хабарида айтилишича, айни пайтда Андижонда вилоят перенатал ва скрининг марказлари ҳамда 22 та туғруқ комплекслари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникаларида пренатал ташхис хоналари ташкил этилган бўлиб, улар давлат бюджети ҳисобидан дунёдаги нуфузли “General Electric” компаниясининг энг замонавий, юқори технологик имкониятга эга бўлган ультратовуш текшируви аппаратлари билан таъминланган.

Ушбу даволаш муассасаларида қарийб 400 нафарга яқин малакали акушер-гинекологлар аёллар саломатлиги йўлида самарали ишлаб келишмоқда.