У эркак эмас - Рамзан Қодиров Путинни ҳақорат қилган журналист ҳақида

У эркак ҳам эмас, кавказлик ҳам эмас - Рамзан Қодиров Путинни ҳақорат қилган журналист ҳақида.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Грузия телеканалида содир бўлган воқеага изоҳ берди. Қодиров Путинни ҳақорат қилган журналист Георгий Габунияни – Грузия ва бутун Кавказга иснод келтирганини таъкидлади.

“У Кавказ ўғлони ҳам эмас, эркак ҳам эмас, тоғлик ҳам эмас. Кавказда эркак киши бундай сўзларни ҳатто ўзининг ашаддий душманига ҳам айтмайди”, - деб ёзган Қодиров ўзининг телеграм каналида.   

Бўлиб ўтган воқеада Қодиров нафақат Габунияни, балким уни ишга қабул қилган телеканални ҳам айблади.

Грузия телеканали бошловчиси Путинни ҳақорат қилганидан сўнг фавқулодда митинг бошланди

“Биз ўзимизни Грузия томонидан доимий равишда амалга оширилаётган душманона ҳаракатларни кўрмасликка ола олмаймиз. Шунинг учун Грузияга нисбатан қаттиқ санкциялар киритиш керак деб ўйлаймиз. Фақат ушбу санкциялар Россия фуқаролигини қабул қилган грузинларга зарар келтирмаслиги керак,” – деди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Грузиядаги "Рустави2" телеканали бошловчиси якшанба куни эфирда 1 дақиқа давомида Россия президенти Владимир Путинни ва унинг марҳум ота-онасини ҳақорат қилган эди.

Ушбу воқеадан бир неча соат ўтиб телеканал атрофида фавқулодда митинг тўпланди. Журналист хатти-ҳаракатидан норози бўлган одамлар уни ишдан ҳайдашни ва умуман ушбу телеканални ёпишни талаб қила бошлашди.

Россияда Грузия вино ва сувлари импортини тақиқлаш масаласи кўриб чиқилади

Маълумот учун, “Рустави2” телеканали Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили етакчилик қилган “Ягона миллий ҳаракат” партиясига тегишли бўлган. Айни дамда партия барча йўналишларда инқирозга учраган бўлсада, унинг айрим вакиллари ҳалиям провокациялар уюштиришга уринишларини тўхтатмаган. Путинни ҳақорат қилган журналист Георгий Габуния - Саакашвили давридан қолган провокатор, десак адашмаймиз.  

Икки ҳафта олдин Россия парламенти делегациясининг Тбилисига ташрифи вақтида пойтахт кўчаларида Россияга қарши митинглар бўлиб ўтган эди. Ушбу митинглар Грузия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланмаса-да, уларга барҳам бериш учун ҳам жиддий чоралар кўрилмаган эди. Шу сабаб Россия ҳукумати Грузияга сайёҳлар юборишни чеклашни маъқул кўрди.