Судочье кўлида содир бўлган ёнғин борасида тушунтириш берилди

“Судочье кўлида 278 гектар қамишзор чақмоқ натижасида ёнган, бошқа факт йўқ, ахир биров камондан оловли ўқ отмагандир” — Экология қўмитаси.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июл - Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш муаммолари” мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда пойтахт ва вилоят ҳудудлари яшил майдонларининг янгиланиш жараёни кетаётгани, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳали ҳам кузатилаётгани ва бугун бу борада назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шаҳар ҳудудида дарахтларни атмосферанинг ифлосланиш даражасига қараб экиш илмий асосланган бўлиши керак экани қайд этилди. Масалан, йўловчи йўлаклари бўйлаб “тирик девор” ҳосил қиладиган буталар ўстириш натижасида транспорт шовқини, чангнинг олдини олиш мумкинлиги айтилди.

Пуштиранг фламинго қушлари Мўйноққа қайтди

Журналистлардан бири мухбири Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ туманининг Судочье кўли ҳудудидаги қуриган қамишзорларда ёнғин келиб чиқиши оқибатида қанча майдон ёнганини сўради.

“Судочье кўлининг умумий ҳажми 50 минг гектарни ташкил этади, — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров. — Ёнғин натижасида шу ҳудуддаги жами 278 гектар қамишзор ёнган”.

Бу ҳолатни ўша ерда бўлиб турган сайёҳ хабар қилгани тасдиқланди. Қўмита вакили ёнғин сабаблари ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Оловнинг келиб чиқиши ва майдонга ёйилиши ҳақида аниқ хулосалар бор, — деди Ўлмас Собиров. — Ёнғин чақмоқдан чиққан, бошқа факт йўқ. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, кўл ичида жуда катта радиусга эга қамишзор ёняпти, қандай омил сабабли олов чиқиши мумкин? У ёққа оёқ қўёлмайсиз, қайиқ билан боролмайсиз. Қамишзорга фақат вертолёт қўниши мумкин. Биров четдан туриб, камондан оловли ўқ отмагандир?! Хуллас, сабаб — чақмоқ. Қамиш учидаги момиқ пўпанаклар жуда тез ёнади, биласизлар, учқун чиққандан сўнг шамол таъсирида олов бирданига ёйилиб кетган”.