Қовун ва тарвуз: вазирлик Пахтачидаги ҳолатга аниқлик киритди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қовун-тарвузларни лабораторияларда текширувдан ўтказиб, кейин сотишлари ўта муҳим эканлигини эслатиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июл – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Пахтачида қовун-тарвузлар лаборатория текширувисиз сотилмоқда. Мутасадди ташкилотлар нега назорат олиб бормаяпти?” мақоласи юзасидан баёнот тайёрлади.

Японияда бир бош узум 11 минг долларга сотилди

Баёнотда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 532-сонли қарорига мувофиқ, бозорлар, савдо ташкилотлари ва бошқа савдо объектларида полиз маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш учун Ветеринария участкалари ва бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан ветеринария-санитария экспертизаси ва лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, хулоса берилади.

Шунга кўра, ҳозирда деҳқон бозорлари ҳудудида сотилаётган полиз маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичларига текшириш ва реализация қилишга рухсат берувчи маълумотнома ёзиб бериш ваколати фақат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги деҳқон бозорлари қошида жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари (ВСЭЛ) томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу лабораторияларда таҳлиллар ўтказилмаса ёки таҳлил натижалари меъёрларга жавоб бермаса, қишлоқ хўжалиги, жумладан, полиз маҳсулотларини бозорлар, савдо шохобчаларига олиб кириш ва сотиш қатъий тақиқлади.

Бозорлардан ташқари жойларда полиз маҳсулотларини сотиш фақат маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган дислокация бўйича ажратилган жойларда амалга оширилиши ҳамда ҳудудий ВСЭЛ маълумотномаси билан сотилиши лозим.

– “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан мурожаат бўлганда қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотлари давлат томонидан хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича лабораторияда текширилиши ва тегишли хулосалар берилиши мумкин. Яъни, амалдаги қонунчиликда санитария-эпидемиологик хулосалар олиниши ихтиёрий бўлиб, юридик ва жисмоний шахслар томонидан мурожаат бўлганда, ушбу маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида, шунингдек, аҳоли ўртасида касалланиш ҳолатлари тўғрисида хабар келиб тушган ҳолатлардагина Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичларини лабораторияларда тўлиқ текшириб бериш ваколатига эга бўлади. Ҳудудий ДСЭНМларида эса бундай текширувларни ўтказиш имконияти мавжуд," – дейди Давлат Санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Баҳром Алматов.