Аҳолига арзон маҳсулот керакми ё инвестор...

Божларни камайтириб бозорни очиб қўйсак инвесторлар келмайди – деди савдо ва саноат вазирлиги вакили. Божларни оширсак - аҳоли учун ҳамма нарса қиммат бўлади, деб жавоб беришди журналистлар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июл – Sputnik. Импорт божини камайтириш керакми ёки ошириш - Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги журналистлар саволларига жавоб беришди.

Журналистларнинг “Маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт маҳсулотларга қўйилган божлар туфайли монополияга йўл очиб бермаяпмизми?” деган саволига вазирлик вакиллари қуйидагича жвоб қайтаришди.

Ўзбекистонга четдан кириб келаётган пойабзалларга бож оширилса нима бўлади?

“Маиший техника тайёр маҳсулотлари учун импорт божини “нўл” қилиб қўйсак, шу соҳани ривожлантираман деб Ўзбекистонга қайси инвестор келади? — дея саволга савол билан жавоб қайтарди вазирлик бошқарма бошлиғи Фазлиддин Рўзиев. — Агар биз импортни очиб қўйсак, у тайёр маҳсулотни олиб келиб сотаверса, валютамиз четга чиқиб кетаверса, шу тўғрими? Қайси салоҳиятли сармоядор келиб мамлакатимизда ишлаб чиқариш ташкил қилади?

10 йил олдин Ўзбекистонда маиший техника воситалари ишлаб чиқарадиган битта “Artel” компанияси бор эди. Ҳозирга қадар юртбошимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қанча қарорлар чиқарилди, чора-тадбирлар белгиланди. Шунинг натижасида ички бозорнинг 50 фоизини маиший техника билан қамраб олдик. Айнан маиший техника маҳсулотларини энди экспорт учун ҳам ишлаб чиқаряпмиз. Бундай турдаги товарларимиз Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистонга экспорт қилиняпти. Ҳатто ўзимизнинг тадбиркорлар ўша давлатларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қиляпти, - деди мутахассис. 

Шундан сўнг журналист - Фуқароларимиз Қозоғистонга чиқиб, 200 минг сўмга техника сотиб олиб келгани яхшими ёки ўзимизда чиқарилган маҳсулотларни 500 минг сўмга харид қилгани яхшими, Ўзбекистонга инвесторлар келсин деб? Аҳоли учун қайси бирини фойдалироқ деб ҳисоблайсиз?, деб масалани кўндаланг қўйди.

Мисол тариқасида “Artel”  маиший техника маҳсулотлари келтирилди. Ўзбекистонда 500 минг сўмга сотилаётган маҳсулот Қозоғистонда 100-200 минг арзон сотилаётгани айтиб ўтилди.

“Биринчи марта чегаралар очилганда одамлар Қозоғистонда маҳсулотлар худди текин, арзон деб ўйлади-да, олиб келаверди, — деди Фазлиддин Рўзиев. — Лекин ҳозирги ҳолат билан солиштириб кўриш мумкин, бугунги кунда ўзимизнинг маҳсулотлар сифат ва нарх жиҳатидан қўшни давлатлардаги билан тенглашди. Агар биз маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаб, нарх сиёсатини назорат қилиб, ишлаб чиқариш параметрларига эътибор берсак, талаб қўйсак, бу эртага албатта мевасини беради. Агар сиз айтгандай, аҳолига арзон бўлсин деб иморт божини бекор қилсак, бу иқтисодий нуқтаи назардан яхшиликка олиб келмайди”.