Тошкентда ноқонуний эгаллаб олинган пиёдалар йўлаклари очилмоқда

Тошкент марказидаги маҳаллалардан бирида пиёдалар йўлаклари устига ноқонуний қурилган иншоотлар бузиб ташланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Тошкентдаги Салом кўчасида жойлашган “Олтинтепа” ва “Подшоҳбоғ” маҳаллаларида пиёдалар йўлаклари қайта очилмоқда, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Хабарда айтилишига кўра, бу маҳаллалар орқали ўтган Салом кўчасида, пиёдалар йўлаги йўқ бўлиб кетган. Уларни уй эгалари ноқонуний равишда эгаллаб олиб, бинолар, парковкалар, темир панжара ва боғлар қуриб эгаллаб олишган. Оқибатда пиёдалар ҳаётларини хавф остига қўйиб, автомобил йўлларидан ҳаракатланишга мажбур бўлишмоқда.

Шу билан бирга, кўмиб ташланган ариқлар, дренаж канализациялар қайта очилиб, коммуникациялар янгиланмоқда. Шунингдек электр сим ёғочлар ўрнига симларни ер остидан ўтказиш режалаштирилмоқда.

Тадбир давомида Олтинтепа ва Буюк Ипак Йўли кўчаларини туташтирувчи Салом кўчаси бир неча ҳафтага давомида ёпиқ бўлиши ҳам айтиб ўтилган.