ТОШКЕНТ, 5 июл - Sputnik. Жорий йилнинг охирги чорагида UzAuto Motors бирданига учта янги рангдаги автомобилларни сотувга чиқаради, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақда журналистлар учун Асака шаҳридаги автомобил заводига уюштирилган пресс-турда UzAuto Motors бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов маълум қилди.
"Биз ранглар гаммасини кенгайтиришни режалаштираяпмиз. Бу иш мунтазам давом эттирилади. Хусусан, яқин вақтларда ялтирамайдиган қора, хўл асфальт ва тўқ феруза ранглардаги автомобиллар сотувга чиқарилиши режалаштирилган. Тўқ феруза рангдаги автомобилларга айниқса, аёллардан кўп талаб тушган", - деди Ражабов.
UzAuto Motors раҳбари в.б. Ўзбекистонда асосан оқ рангдаги автомобилларнинг оммабоплигини минтақадаги иқлим туфайли айнан шу рангдаги транспортга талаб кўплиги билан изоҳлади ва Кореяда ҳам оқ ва қора рангдаги автомобиллар оммабоплигини қўшимча қилиб, бу ажабланарли ҳол эмаслигини қайд этди.