МИБ ходимлари калтаклагани бўйича расмий маълумот берилди

Сурхондарёда фуқаролар МИБ ходимларини дуч келган жойларига уриб, тан жароҳати етказишиб, хизмат фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходими калтакланаётгани акс этган лавҳа юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Маълум қилинишчиа, бюронинг Шеробод туман бўлими давлат инспекторлари А.Эшонқулов, С.Фозилов ва П.Тайлановлар биргаликда 29 июнь куни соат тахминан 11.05 лар чамаси тумандаги "Ғўрин-Гиламбоб" маҳалласида яшовчи Б.Нормуродовнинг яшаш хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорлигини аниқлаш юзасидан кўрик ўтказаётган вақтида, хонадон эгасининг фарзандлари Э.Бердимуродов, У.Нормуродов ва Л.Нормуродовлар биргаликда хизмат вазифасини бажараётган бўлим давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик қилишиб, инспекторларнинг дуч келган жойларига уриб, тан жароҳати етказишган ва хизмат фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Ҳодиса жойига туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, туман ИИБ бошлиғи, туман ИИБ ЭКГ эксперти ва бошқа тергов тезкор гуруҳи аъзолари чиқишган.

   

Туман суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, давлат инспектори Эшонқуловга "Соғликнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати" ва  давлат инспектори Тайлановга "Енгил" тан жароҳати етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси  томонидан фуқаролар Э.Бердимуродов ва Л.Нормуродовларга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.