Бишкекда калтакланган нигериялик вафот этди - фожиали ҳолат акс этган видео

Бишкекда қирғизистонлик йигит Нигерия фуқароси Али Абубакирга кучли зарба беради. Ижтимоий тармоқларда ушбу фожиали ҳолат акс этган видео пайдо бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. Бишкекда калтакланган Cambridge School директори, Нигерия фуқароси Али Абубакир вафот этди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, воқеа 2-июль куни содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, номаълум шахс нигериялик фуқаро бошига кучли зарба берган, бунинг оқибатида у ерга юзтубан йиқилган ва ҳушидан кетган.

Ушбу фожиали ҳолат акс этган видео омма орасида тарқалди.

Тергов иши дастлабки маълумотларига қараганда, эркаклар марказий савдо марказига кириш қисмида тўқнашишган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Шу вақтда эркак чет эллик фуқарога зарба берган.

Нигерия фуқароси кома ҳолатида жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Эртасига ушбу ҳолат бўйича шов-шув кўтарилгач, бош вазир айбдор шахсни топиш ҳақида топшириқ берган ва милиция гумонланувчини қўлга олган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Нигерия фуқароси Али Абубакир ўзига келмасдан 5-июл куни вафот этган.

Нигериялик Бишкекдаги Cambridge School директори бўлган, у пойтахтдаги "Арча-Бешик" туманидаги қабристонга дафн этилади.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.