ТОШКЕНТ, 2 июл – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимияти кучли шамол бўлиши ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.
Пойтахт ҳокимияти хабарида айтилишича, 2 июль куни Тошкентда ўзгарувчан об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати кундузи +40...+42 даража иссиқ, кечаси +21...+23 даражада илиқ бўлиши кутилмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида Шарқдан эсадиган шамол тезлиги 15-20 м/с, кучайганида 17-22 м/сгача етиши мумкин.
“Кучли шамол сизга ва яқинларингизга, мол-мулкингизга зарар етказмаслиги учун, бундай пайтда дарахтлар ва катта ҳажмдаги реклама банерлари остида юрманг ҳамда автомобилингизни ҳам дарахтлар тагида сақламанг”, - дейилган хабарда.