Наманганда 1,3 млрд долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тезлаштирилади

Ушбу лойиҳалар президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ва Doing business with Namangan Халқаро инвестиция форуми якунларига кўра элчихоналар иштирокида ишлаб чиқилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. Наманганда 1,3 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, 1 июль куни Наманганда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш мақсади Наманган вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, илғор ва инновацион технологияларни жалб қилиш, маҳаллий товарларни ташқи бозорга экспорт қилиш ва чет эллик туристлар оқимини кўпайтириш, минтақа олий таълим муассасалари ва хорижий университетлар ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш бўлган.

Фарғона водийси юраги - Наманган хорижлик инвесторларга қандай таклиф бера олади?

Йиғилишда умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзлаштириш бўйича давлат раҳбарининг кўрсатмаси етказилди. Ушбу лойиҳалар президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ва Doing business with Namangan Халқаро инвестиция форуми якунларига кўра элчихоналар иштирокида ишлаб чиқилган. Наманган форуми натижасида умумий қиймати 350 миллион АҚШ долларига тенг 48 та инвестиция битимлари ва экспорт шартномалари имзоланган эди.

Хусусан, ҳар бир лойиҳа “ТИВ – Элчихона – Наманган вилояти ҳокимлиги – вилоятнинг тегишли идораси” шаклида танқидий таҳлил қилинди. Йиғилиш давомида лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қатор масалалар амалий жиҳатдан ҳал қилинди.

Алишер Усмоновнинг пулига Наманганда осмонўпар бизнес марказ қурилади

Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг жорий масалаларини ҳал қилиш мақсадида вилоятга бириктирилган элчихоналар томонидан Наманган вилояти туманлари ҳокимликлари раҳбарлари билан тўғридан-тўғри ишчи алоқа ўрнатилди.

Шунингдек, элчихоналар, Наманган вилояти ҳокимлиги ва вазирликлар вакиллари таркибида соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция лойиҳаларини ўзлаштиришни жадаллаштириш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Наманганда мусиқали кема-фонтан ишга туширилди