Жорий йил ВДНХдаги №66 павильон (собиқ "Ўзбекистон ССР" павильони) яна Ўзбекистонга қайтади. Худди шундай қарор Урганчда ўтказилган РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари учрашуви вақтида қабул қилинди ва Москва мэрияси ҳамда Тошкент ҳокимлиги ўртасида шартнома билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Муддатсиз ижара Ўзбекистонга, ВДНХда ўз ваколатхонасини тиклашга қарор қилган бошқа собиқ иттифоқи давлатлари сингари, йилига 1 рубльга тушади.
Ҳозирда тарихий бинода мураккаб реставрация ишлари олиб борилмоқда. Sputnik мухбири бу ишлар якунига етиб қолай дедими-йўқми, билиш учун воқеа жойига йўл олди.
Ишлар шипгача...
"Биз ҳеч нарса ўйлаб топмаганмиз, — дея ҳикоя қилади ишлар буюртмачиси РОСИЗО музей-кўргазма маркази вакили Татьяна Чумакова. – Лойиҳа тарихий ҳужжатларга мувофиқ тузилган эди. Реставрация ишлари бир неча босқичда амалга оширилиши режалаштирилганди. Аввалига – павильон ичида, сўнгра фасадда ва авария ҳолатида бўлган ярим доира шаклдаги гумбазда".
Эндиликда, павильон Ўзбекистон томонига ижарага берилгач, реставрация ҳаражатларини Марказий Осиё республикаси ўз зиммасига олади. Бу борада павильон янги эгаларининг режалари қандайлиги ҳозирча - номаълум.
Москвадаги "Ўзбекистон" сирлари
Ушбу мажмуанинг ифтихорларидан бири - тарихий ёғоч эшиклардир. Унга мураккаб ўймакор нақш берилган. 1950-йиллар ўрталарида ушбу ноёб орнамент ўзбекистонлик икки уста томонидан павильон учун махсус яратилган. Таъмирлаш ишлари кетаётган бир вақтда улар вақтинча олиб қўйилди. Аммо устунларнинг аксарияти ва шип ганчини янгитдан яратишга тўғри келди. Бунинг учун ВДНХ архивидаги чизма ва суратлардан фойдаланилди.
Ғойиб бўлган шедеврлар
Жорий йилда ВДНХ павильони саксонинчи юбилейини нишонлайди. Аввалига у бир йўла бир нечта республикалар учун бунёд этилган - Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон учун. Аммо республикалар бошқа қурилмаларни ўз тасарруфига олишган ва "айрилганлар".
"Ўзбекистон" павильони буюк архитектор Стефан Полупанов томонидан яратилган, у бу объектни икки марта қад ростлашга муваффақ бўлган.
"Биринчи павильон ёғочдан эди, — деб ҳикоя қилади тарихчи Павел Нефедов. – Урушдан кейин ВДНХда барча қурилмалар обдон инспекциядан ўтказилган ва ёғоч иншоотдан воз кечишга, унинг ўрнига мукаммалроқ қурилмани бунёд этишга келишилган. Худди шу Полупанов 1954 йилда яна то бизгача етиб келган павильон муаллифига айланди.
Бу ерда пахта теримчилари ва энергетиклар ўз ютуқларини намойиш этганлар. Монументал фрескалардан бирини россиялик буюк архитекторлардан бири Константин Мельников яратган. У ўзи учун энг мураккаб бўлган йилларда, 50-йй бошларида наққошликда ўзини синаб кўрган. Улуғ Ватан урушидаги совет маршалларининг туркум крассик портретлари муаллифи - Петр Котовнинг фрескалари ҳам павильон фахри бўлган.
"Ушбу нақшларнинг бирида Чирчиқ ГЭС жилваланган бўлса, иккинчисида канал қурилиши, тахминан Қорақум канали қурилиши акс эттирилган, — деб ҳикоя қилади ёзувчи Амирам Григоров. – Кейинчалик бу нақшларнинг иккиси ҳам ваҳшийларча оҳаклаб ташланган".
Маданий қайта ихтисослаштирилиш
1960-йиллар ўрталарига келиб, "Ўзбекистон" павильони "Совет маданияти"га айланган. Тарихчи Павел Нефедов сўзларига кўра, ВДНХнинг қайта ихтисослаштирилиши республикалар мажмуаларида экспозициялар кўпинча қайта такрорланиши билан боғлиқ эди. Мисол учун, пахта терими бир йўла бир неча миллий павильонларда тақдим этилган эди. Натижада, бу каби жўғрофий тамойилдан соҳавий тамойил фойдасига тамомила воз кечилади.
Қатор экспонатларнинг ғойиб бўлиши айнан шу вақтга алоқадор. Амирам Григоровнинг айтишича, ўзбек сопол буюмлари, гиламлари коллекцияси, шунингдек, машҳур ҳайкалтарошлар - Антон Лавинский ва Иосиф Чайков муаллифлигига мансуб бўлган бир нечта ҳайкаллар - пахта кўтарган пионер қиз, доира чалаётган мусиқачи изсиз ғойиб бўлган.
Шунингдек, чойхона ҳам йўқотилган. Стефан Полупанов томонидан бунёд этилган чойхона ҳатто павильондан ҳам кўркамроқ бўлган, деб айтишади. ВДНХ қайта ихтисослашгач, у бир мунча вақт ажралиб турган ва янги ансамблга мос келмагани боис, кейинчалик бузиб ташланган.
Собиқ Иттифоқи барҳам топгач, савдо-сотиқ авжига чиқишига қарамай, павильон ўз юзини йўқотмасликка муваффақ бўлган. Бу ерда, табиийки асал эмас ва ҳатто мушук болалари ҳам эмас, балки қўл ҳунари ва рассомлар учун товар ҳисобланган - заргарлик буюмлари сотилган.
2014 йилда, кўргазма мажмуасига тарихий бўлган - ВДНХ номи қайтарилгач, собиқ "Ўзбекистон" бир муддатга музей захираларидаги совет рассомлари экспозициялари учун кўргазма майдонига айланади. Аммо бино рассомчилик асарларини намойиш этишга ихтисослашмагани маълум бўлиб қолди - шиплар жуда баланд, деворлар кам, серёруғлик - галерея сифатида умуман тўғри келмас эди.
"Республика павильонида саноат ютуқлари ва мамлакат санъат намуналари тақдим этилишини хоҳлар эдик, — дейди дизайнер ва жамоатчи Фатима Арифжанова. – Лекин, фикримча, бу ерда бошқа республикалар павильонлари сингари савдо расталари қўйилса керак".
Ўзбекистон Москвадаги яна қайта эга бўлган қасрда меҳмонларни нималар билан ҳайратга солишини ёз фаслининг ўзидаёқ - ВДНХ юбилейи нишонланлан вақтда билиб оламиз.