Тошкент ҳокими пойтахтни ривожлантириш стратегиясини ўзгартиради

Тошкент шаҳар раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда у жамоаси билан биргаликда шундай тизимни яратиш устида иш олиб бормоқда ва бунинг учун дунёнинг ривожланган компанияларидан эскпертлар жалб этилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июн - Sputnik. Жаҳонгир Артикходжаев раҳбарлигидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкентнинг янги иқтисодий-сиёсий ривожланиш стратегияси тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда у бугун ҳокимликда журналистлар учун ташкил этилган матбуот-анжуманида маълум қилди.

Яқин икки ой ичида Тошкент Бош режаси тайёр бўлади

Sputnik мухбирининг "Тошкентни ўн йилдан кейин қандай кўришни хоҳлайсиз?" Стратегия ишлаб чиқилганми?", - деган саволига жавоб берар экан, нафақат у, балки ҳар бир фуқаро пойтахтни ривожланган кўришни хоҳлайди, деб таъкидлади.

"Нафақат ўн йил, балки беш йил, уч йилдан кейин ҳам, керак бўлса эртага ривожланган ҳолда кўришни истайди. Шуни айтмоқчиманки, олдимизга қўйган вазифаларимиз бор. Лекин мақсадларни, биринчи галда амалга оширадиган ишларимизни аниқлаштириб олишимиз керак. Масалан, олдинги эски тизимда ҳудудга раҳбари - ҳоким тайинланса, у ўзини янги ғояси билан келарди ва ҳамма ишни янгитлан бошларди. Яъни бир ишни давом эттириб кетолмасди. Ҳозирги биринчи қилишимиз керак бўлган ишимиз - шундай бир тизим, стратегияни яратишимиз керак-ки, қанча ишлашимиздан қатъий назар, келган ҳоким биз бошлаган ишни давом эттириб кетсин", - дея тушунтирди Артикходжаев.

Тошкент шаҳар раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда у жамоаси билан биргаликда шундай тизимни яратиш устида иш олиб бормоқда ва бунинг учун дунёнинг ривожланган компанияларидан эскпертлар жалб этилган.