ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов мамлакатга бензин, жумладан, Қозоғистондан импорт қилиниши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Унинг сўзларнига кўра, ўзбек бозори бугунги кунда барча шериклари учун очиқ, лекин шахсий манфаатлар ҳам инобатга олинади, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Журналистларнинг “мамлакатда бензин билан боғлиқ вазият қандай ва нима сабабдан Ўзбекистон ёқилғини Россия ёки Қозоғистондан сотиб олишга мажбур бўлмоқда”, деган саволларига жавоб бераётиб, асосий мақсад – одамларга танлаш имкониятини яратиб, маҳаллий бозорни етарли даражада сифатли ёқилғи билан таъминлаш эканини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, умуман олганда Ўзбекистон шериклари учун нефть маҳсулотлари бозорини очиш бўйича чоралар кўрмоқда. Мамлакатда аллақачон юқори сифатли ёқилғи етказиб бераётган “Лукойл”нинг шохобчаси фаолият юритади, келажакда "Татнефть” компаниясининг шохобчалари фаолият юритишни бошлайди.
“Шунингдек, Қозоғистон ва Хитой автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режаларимиз бор. Қозоғистондан бензин сотиб олиш ҳақидаги хабарлар илгари эришилган келишувлар натижаси. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига нефтни импорт қилиб, уни у ерда қайта ишлаб, хусусий маҳсулот олиш устувор вазифаларимиздан саналади. Агар қозоқ бензини бизда мавжуд бўлган нархлар билан рақобатлаша олса, бу ерда ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, - дея изоҳ берди Сиддиқов.
У сўнгги икки йил ичида мамлакат бензин бозорида вазият анча яхшилангани ва ҳозирда АЁҚШда навбатлар амалда йўқолгани ва ёқилғи тақчиллиги йўқлигини қўшимча қилди.
Қозоғистон июль ойидан ЕОИИ, хусусан, Қирғизистон ва Беларусга бензин импорт қилишни режалаштирган. Бундан ташқари, Тожикистон ва Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда.