Рашид Қодиров шериклари ичида нега энг кам жазо олганига изоҳ берилди

Олий суд Рашид Қодиров шериклари ичида энг кам қамоқ муддатини олгани сабабини тушунтирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Олий суд Рашид Қодиров шериклари ичида энг кам қамоқ муддатини олганига изоҳ берди.

Суд собиқ бош прокурорни 10 йилга қамади

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлангандан сўнг айрим оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ўқувчиларида нима учун унга жиноий шерикларига нисбатан енгилроқ жазо тайинлангани борасида савол пайдо бўлди.

“Рашид Қодировга нисбатан тайинланган жазога қайтадиган бўлсак, қайд этиш жоизки, ҳукм чиқарилаётганида суд амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилган. Яъни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмига мувофиқ “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”. Рашид Қодиров ҳукм чиқариш вақтида 60 ёшдан ошганлигини ҳисобга олсак, судланувчига нима сабабдан юқоридаги жазо тайинлангани ойдинлашади”, - дейилади Олий суд ахборотида.

Рашид Қодировга нисбатан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаган – Бош прокуратура

Эслатиб ўтамиз, 26 июнь куни жиноят ишлари суд ҳукми билан Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров (1952 й.т.) ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукмини эълон қилинди. Унга кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг қатор моддаларида кўзда тутилган бир нечта оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. Унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.