Мирзиёев журналистларни касб байрами билан табриклади

Ўзбекистонда 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев журналистларни касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муборакбод этди.

“Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман”, - дейилади президент матбуоти хизмати хабарида.

Президент матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлгани, мамлакат янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаёт мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучайиб бораётганини қайд этган.

Мирзиёев мамлакатда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётагини алоҳида қайд этган. Соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа маконда турли мулк шакли ҳамда сиёсий-ижтимоий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. 

"Вазифангиз адолатни қарор топтириш": вазир Камилов журналистларга табрик йўллади

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кейинги пайтда мамлакат оммавий ахборот воситалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки бундай тенденция ислоҳотлар самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар ва мутасаддиларни эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади. 

Мирзиёев ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар танқиддан қўрқмайди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билиши, аслида ҳам бундай мулоқот тараққиётни таъминлайдиган энг асосий омиллардан бири эканини таъкидлаган.

“Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”, - дейилади президент табригида.

Президент ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларининг фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, жамиятда демократик принциплар, фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларини албатта изчил давом эттирилишини маълум қилган.