Мактаб директори ва ўқитувчи ўртасида можаро: меҳнат вазирлиги изоҳ берди

Мактаб директори буйруғига билан Меҳнат кодексининг 100 моддасига (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши банди) асосан Фарҳод Тошбоев билан меҳнат шартномаси тугатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июн – Sputnik. Маҳаллий ОАВларда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 75-ўрта мактабда юз берган ҳолат юзасидан хабар қилинди.

Президент мактабларига имтиҳон икки босқичда ўтказилади

Сурхондарёлик Жангил Эшқулова унинг фарзанди Фарҳод Тошбоев ишдан бўшатилгани ҳолати юзасидан мурожаат йўллайди. Унда 2017 йил Денов туманидаги 75-ўрта мактабга чақириққача ёшларни тайёрлаш фанидан ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилинган. Ф.Тошбоев айрим ўқувчилар Россия Федерациясига меҳнат миграциясига кетгани, айримлари дарсга муттасил келмагани учун журналда бу ҳолни қайд этиб, уларга баҳо қўймайди.

Онанинг иддаосига кўра, мактаб директори Марҳабо Турдиева Ф.Тошбоевдан дарсга келмаётган ўқувчиларнинг баҳоларини қўйиб беришни талаб қилади. Ёш ўқитувчи бунга кўнмайди. Шундан сўнг раҳбар ҳамда ўқитувчи ўртасида шахсий хусумат пайдо бўлади.

Ф.Тошбоев керакли инстанцияларга мавжуд вазият юзасидан мурожаат қилади. Мактабдаги бу ҳолат юзасидан прокуратура тақдимномасига асосан хизмат текшируви ўтказилади ва Ф.Тошбоевнинг барча важлари ўз исботини топади. Жумладан, 10-“Д” синф ўқувчилари Ф.Жалилов ва Н.Ҳасанова дарсларга мунтазам қатнашмагани, 11-"Б" синф ўқувчиси М.Қўчқоров ва 11-“А” синф ўқувчиси И.Қобилова ишлаш учун Россия Федерациясига кетгани, 10-“Б” синф ўқувчилари Ф.Бойматов ва Б.Ибрагимов дарсларда мунтазам равишда қатнашмагани аниқланган.

Ҳар бир бола ўз микроҳудудига бириктирилиши керак – Халқ таълими вазирлиги

Мактаб директори М.Турдиевага Сурхондарё вилоят ХТБ бошлиғининг буйруғи билан “ҳайфсан” интизомий чораси кўрилади. Шундан сўнг М.Турдиева “номутахассиссан” деган важ билан Ф.Тошбоев билан тузилган меҳнат шартномасини бузиб, уни ишдан ҳайдаш тадоригига тушган.

Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Sputnik Ўзбекистон мухбири Бандлик ва аҳолини меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

“Мактаб директорининг 2019 йил 24 июндаги буйруғига билан Меҳнат кодексининг 100 моддаси 2-қисм 2-чи банди (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши) асосан Фарҳод Тошбоев билан меҳнат шартномаси тугатилган. Чунки Тошбоевнинг мутахассислиги кимё-технолог. Бироқ 102-модданинг “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш талаблари бузилган. Мактаб директорига бу қоидабузилишни бартараф этиш ҳақида тақдимнома берилган”, - деб маълум қилишди матбуот хизматида.