ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Наркотик воситалар транспортировкаси, давлат чегарасини ноқонуний юк билан кесиб ўтиш осон иш эмас. Шу боис, контрабандистлар йилдан-йилга инсон хаёлига келмаган усулларни ўйлаб топишга ҳаракат қилишади.
Ўзбекистон божхона қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, сўнгги вақтларда наркотик моддаларни ҳаво йўллари, почта жўнатмалари, шунингдек, чегара постлари орқали автомобил ўриндиқлари ғилофи остига яширган ҳолда олиб ўтишга уринишлар кўпроқ кўзга ташланмоқда.
Ҳаво йўллари орқали наркотик воситаларни ўзидан жонли контейнер сифатида фойдаланган, яъни ютган ҳолда олиб ўтишга уринишлар ҳам учрамоқда.
Маълумотларга кўра, шу йилнинг 5 ойи мобайнида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 1474 та, хусусан, наркотик моддаларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 58 та, таркибида наркотик моддалари бор ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 336 та, наркотик моддаларни олиб ўтиш билан боғлиқ 538 та, наркотик моддаларни сақлаш билан боғлиқ 531 та жиноий ҳолатлар аниқланган.
Ўзбекистонда 2018 йилда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 46 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этган. Улар Афғонистон (15), Қозоғистон (10), Тожикистон (7); Россия (5); Қирғизистон (5); Арманистон (1); Франция (1); Италия (1); Корея (1) фуқароларидир. Улардан жами 190,6 кг гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.