ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Америка президенти Дональд Трамп Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг "Оқ Уйнинг ақлан заифлиги" ҳақидаги баёнотини ҳақоратли, деб топди.
"Эроннинг бугунги нодонларга хос ва ҳақоратомуз баёноти, у ҳақиқий ҳолатни англамаётганидан дарак беради", - деб ёзган сиёсатчи сешанба куни Twitterда.
Трамп, агар Эрон, Қўшма Штатларга ҳужум қилгудек бўлса, уни йўқ қилиб юборадиган даражада "улкан куч" билан таҳдид қилган.
Эслатиб ўтамиз, Вашингтон мамлакат раҳбарияти ва ҳарбий қўмондонларга қарши санкция киритгач, Эрон президенти мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари гувоҳлигида Оқ уйни "ақлан заиф" деб атаган ва Трамп администрациясини "ақлий заифлик қамраб олганини", у нима қилаётганини англамаётганини қўшимча қилган.
Руҳонийнинг сўзларига кўра, Вашингтон ўз ҳаракатларида чалкашиб қолган, унинг ўзини тутиши фақат ҳайратга сабаб бўлмоқда. Эрон етакчиси, бундай ҳолатлар жаҳон сиёсатида ҳали бўлмаганини алоҳида қайд этган.
Сўнгги вақтларда АҚШ ва Эрон муносабатлари ўткир тус олди. Америка ҳукумати Эрон иқтисодиётининг муҳим тармоқларига қатъий санкциялар киритди ва санкциявий босимларни кучайтиришда давом этмоқда. Вашингтон, бу орқали ислом республикаси "ўз ҳаракатларини ўзгартиришига" эришмоқчи. АҚШ шунингдек, Эрон қуролли кучларининг бир қисми - ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)ни террористик ташкилот, деб эълон қилган. Бунга жавобан Эрон АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги - CENTCOMни террористик ташкилот, АҚШнинг ўзини эса "терроризм ҳомийси бўлган давлат" сифатида эълон қилди.