Мирзиёев Усмон Қуръонини безавол сақлашни топширди

Давлат раҳбари Усмон Қуръонини талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши жараёнини кўздан кечириб, Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

“Президентимиз Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича давлатимиз раҳбари кўрсатмалар берди”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўтган йили июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйилган эди.  Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоот ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда.  

Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.

- Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса илмий-маърифий марказ бўлади. Бино ертўласида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий фойега Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади.