ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигидаги мониторинг гуруҳи Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий тартибдаги 21-сонли аёллар қамоқхонасига ташриф буюрди.
Ташриф чоғида омбудсман Улуғбек Муҳамадиев муассасада жазо ўтаётган Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан учрашган. “Суҳбатда у муассасанинг тиббиёт ходимларига эътибор ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди”, - дейилади Омбудсман матбуот хизмати хабарида.
Ўрганишларда муассасада Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун кардиология, неврология, гастроэнерология, эндокринология ва гинекология соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилган. Айрим махсус кўриклар ИИВнинг марказий госпиталида ўтказилган. У шифокорлар тайинлаган зарур тиббий дори воситаларини тизимли равишда олиб турибди.
“Бугунги кунда Гулнора Каримованинг умумий саломатлиги қониқарли, у соғлом овқатланиш рационини қабул қилмоқда”, - дея таъкидланган хабарда.
Аввалроқ Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа мижозининг аҳволи оғирлиги, унга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани, ҳаттоки ҳушидан кетиш ҳолатлари кўп кузатилганини иддао қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг 2017 йил 28 июль куни эълон қилинган хабарида Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ичидаги эмас, хорижий давлатлардаги бойликлари ҳақида сўз юритилган эди.
Унда айтилишига кўра, Г. Каримова 2001 – 2013 йилларда Ўзбекистондан 2 миллиард долларга яқин маблағ ўғирлагани ва ҳозир ушбу бойликлар 13та хорижий мамлакатларда турли кўринишларда, асосан кўчмас мулк шаклида сақланаётгани айтиб ўтилган эди. Хусусан, Швейцарияда 800 млн, Ирландияда – 300 млн, БААда 130 млн, Гонконгда 67, Францияда – 61, Мальтада – 49 млн ва ҳоказо.
Ушбу ва бошқа жиноятлари учун Г. Каримовага 10 озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди. Лекин кейинчалик маълум бўлишича, Г. Каримовага ушбу жазо ўзи истаган хонадонда озодликни чеклаш чораси билан алмаштирилган. Аммо 2019 йилнинг 5 март куни, келишилган тартибни бузгани ва мажбуриятларини бажармагани туфайли Г. Каримова яна қамоқхонага қайтарилган эди.
Куни кеча Гулнора Каримованинг қизи Имон ўз инстаграмида онаси номидан хабар қолдириб, онаси Ўзбекистон халқидан кечирим сўрагани ва ўзига тегишли бўлган 1,2 миллиард маблағни давлатга қайтариб берганини маълум қилган эди.