Нукус гарнизонида дала ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда

Нукус гарнизонида ҳарбий хизматчилар 40 км марш юриш ва тунгги ҳамда кундузги ўқ отиш машқларини бажаришди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида режалаштирилган амалий дала ўқув йиғинлари ўтказилмоқда, - деб хабар қилди шимоли – ғарбий  ҳарбий округ матбуот хизмати.

Нукус гарнизонида дала ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда

Машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг 40 километрлик марш юришидан бошланди. Ушбу масофасининг ярмини шахсий таркиб пиёда тарзда босиб ўтди. Дала ўқув майдонидаги амалий машқлар тунгги шароитда ўқ отиш машғулотларидан бошланди.

"Пиёда босиб ўтилган узоқ масофа ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва ахлоқий-руҳий ҳолатига таъсир кўрсатмади. Нишонлар тунда ҳам, кундузи ҳам бирдек яксон этилди", - дейилган хабарда. 

Қурол ва ҳарбий техникалардан фойдаланиш бўйича кўникмалар кундузи ҳам давом этди. Чўл ҳудудида жойлашган полигоннинг иссиқ ва қуруқ ҳавоси юрт посбонларини яна синовга чорларди. Полигон бўйлаб ташкил этилган ўқув жойларида ҳарбий хизматчиларга қуролни ўқ отишга ҳозирлаш, мўлжалга олиш бўйича машғулотлар олиб борилди.

Ўқув йиғини давомида аскарлар биринчи маротаба миномётлардан амалда ўқ узиб, нишонларни йўқ қилишди. Дала-ўқув машғулотлари давом этмоқда.