"Ҳамма ҳам ундай ҳаракат қилмаяпти": Мирзиёев Содиқ Сафоев фаолиятини эътироф этди

Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини кўтариш, фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида Сенатнинг муҳим вазифалари борлигини таъкидлар экан, бу борада Сафоев томонидан кўпгина ишлар амалга оширилаётганини айтди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 июн куни ўтказилган Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев фаолиятини бошқа сенаторларга ўрнак қилиб кўрсатди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистон Сенатига янги раис сайланди

Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини кўтариш, фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида Сенатнинг муҳим вазифалари борлигини таъкидлар экан, бу борада Сафоев томонидан кўпгина ишлар амалга оширилаётганини айтди.

"Катта ҳаётий ва сенаторлик тажрибасига эга Содиқ Сафоев хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ва самарали ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги туб ислоҳотларнинг маъно-мазмунини жаҳон жамоатчилигига етказишда жонбозлик билан фаолият кўрсатмоқда", - деди давлат раҳбари ва ҳамма ҳам ундай ҳаракат қилмаётганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон президенти сўзларига кўра, юқори палатанинг халқаро йўналишда ҳали тўла ишга солинмаган имкониятлар мавжуд ва шу боис бундан кейин Сенат 30% кўпроқ ҳаракат қилиши талаб этилади.