ТОШКЕНТ, 22 июн - Sputnik. Президент Владимир Путин Япония томонидан билдирилаётган ҳудудий даъволарга қарамай, Россия Курил оролларидаги ўзига тегишли байроқни туширишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
"Йўқ, бундай режаларимиз йўқ", - деган давлат раҳбари "Россия 1" телеканалига берган интервьюсида.
Путин шунингдек, Узоқ Шарқ, шу жумладан, Жанубий Курил оролларини ривожлантириш бўйича дастур ижроси давом эттирилишини маълум қилган.
"Биз у ерда инфратузилмани ривожлантирамиз. Билишимизча, яқинда аэропорт очилди", — деган президент.
Илгарироқ, жонли мулоқот давомида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Путин мулоқотни, шу жумладан тинчлик шартномаси бўйича мулоқотни давом эттириш учун, Япония Бош вазири Синдзо Абэ билан учрашувни кутаётганини айтган эди.
Курил ороллари масаласи
Россия ва Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин тинчлик битимини имзолаганича йўқ. Битим имзоланишига Жанубий Курил ороллари (Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хамобаи) масаласининг очиқ қолаётгани асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Токио 1855 йилда имзоланган Савдо ва чегара тўғрисидаги иккиёқлама трактатга таянган ҳолда ушбу оролларга даъво қилмоқда.
Москва позициясига кўра, ороллар, уруш якунига кўра СССР таркибига кирган ва улар устидан Россия суверенитети ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслиги лозим.
1956 йилда СССР ва Япония Қўшма декларацияни имзолаган, унда Москва тинчлик битими имзолангач, Хабомай ва Шикотанни Японияга бериш имконини кўриб чиқишга розилик билдирган. Кунашир ва Итуруп тақдири ҳақида ҳужжатда ҳеч гап айтилмаган. Аммо кейинги музокаралар бу борада умуман натижа бермади. Токио позициясига АҚШ таъсир ўтказган бўлиши мумкинлиги истисно этилмайди. Америка, агар Япония фақат иккитагина курил оролларининг қайтарилишига розилик билдирса, у ҳолда бу унга Окинавани қайтаришга таъсир кўрсатиши билан таҳдид қилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ўтган йилнинг ноябрида Сингапурда Россия ва Япония етакчилари учрашгач, курил ороллари масаласи борасидаги жараёнлар анча фаоллашган эди. Ўшанда Япония Бош вазири, томонлар 1956 йилги декларация асосида ,музокараларни тезлаштиришга келишгани ҳақида маълум қилганди. Айтиш жоизки, шу пайтга қадар расмий позицияси - тўртала оролни ўзига қайтариш ва шундан кейингина тинчлик битими имзоланиши ҳақида музокара ўтказиш каби позицияда қатъий турган Япония учун бу ўта жиддий ён бериш бўлганди.
Россия ҳукумати эса Япония биринчи галда Иккинчи жаҳон уруши якунларини, шу жумладан, Жанубий Курил ороллари устидан Россия суверенитетини тан олиши кераклигини бир неча маротаба қайд этган.