Депутат: “Янги қонунда “снос” билан боғлиқ масалалар тартибга солинади”

“Снос”лар қайси пайтлар ва ҳолатларда, қандай мезонларга кўра амалга оширилиши аниқ ва қатъий белгилаб қўйилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн – Sputnik. Ўзбекистонда “снос” билан боғлиқ масалалар тартибга солинади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлиб ўтган мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Жумамуратова маълум қилди.

Блогерларнинг “снос” ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Қонунчилик палатаси вакили бу масалалар  тартибга солинишини айтиб ўтди.

"Ўзбошимчалик оқибати": Самарқандда ноқонуний қурилган кўп қаватли уйлар бузилмоқда

“Ер участкаларини қандай мезонларга асосан “снос” қилиш мумкинлиги қонуний жиҳатдан асослаб, мустаҳкамлаб қўйилади, — деди депутат Клара Жумамуратова. — Бу ҳақда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида алоҳида моддалар киритилмоқда. “Снос”лар қайси пайтлар ва ҳолатларда, қандай мезонларга кўра амалга оширилиши аниқ ва қатъий белгилаб қўйилади. Бундан мақсад — энг аввало фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш”.

Янги қонун қабул қилингач, Уй-жой кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга “снос” масаласини тартибга солувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши маълум қилинди.

Депутат айни вақтда Уй-жой кодексини янги таҳрирда қабул қилиш учун ишчи гуруҳ иш олиб бораётганини билдирди.

“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниши натижасида хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланиши, хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиз ва у давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилиниши айтилди.