Уста Жавлон Умаров айтишига қараганда ёғоч ўймакорлигида асосан ёнғоқ дарахтидан фойдаланилади, чунки ушбу ёғоч мураккаб нақшлар туширилганда ҳам ёрилиб кетмайди.
Дастлаб ёнғоқ ёғочи 15-20 йил давомида қуритилади. Дарахт ёши қанча катта бўлса ёғоч сифати шунчалик яхши бўлади. Мана шу ёғочларнинг ёши 100 йилдан ошган.
"Ёғоч билан ҳам гаплашишни билиш керак. Ёғоч толалари ҳал томонга ўсган бўлади. Гаплашишни билмасангиз ёғоч билан ишлаш қийин", - дейди уста.
Ундан кейин станокда бўлажак ликобчанинг шакли берилади. Шаклга қалам билан нақшлар чизилади ва ушлаб кесиб олина бошлайди. Бунинг учун турли шаклларга эга бўлган асбоблардан фойдаланилади. Одатда ҳар бир нақш учун ўзининг маълум ускуналари бор.
Нақшлар кесиб олинганидан кейин уларнинг ичига чакич билан нуқта-нуқта қўйиб чиқилади.
Шундан сўнг маҳсулот қумли қоғоз билан яхшилаб силлиқланиб чиқилади ва лакланади.
Ушбу касбнинг асосий сири – қилаётган ишингиз ўзингизга ёқиши керак. Меҳр бериб ишлаш керак. Ўшанда иш яхши чиқади. Кейин уста доимо изланиши керак.