Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларига паспортга оид муҳим эслатма билан мурожаат қилинди

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароси томонидан эски биометрик паспортлар билан боғлиқ хабар тарқатилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси консуллик бўлими Ўзбекистон фуқароларига паспортга оид муҳим эслатма билан мурожаат қилди.

Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда, жумладан, 2019 йил 18 июнь куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароси томонидан эски биометрик паспортлар билан боғлиқ хабар тарқатилди. Унда билдирилишича, “Туркиянинг Миграция идораси (Göç İdaresi) эски биометрик (яшил рангли) паспортларга эга фуқаролар учун мазкур мамлакатда вақтинча туриш ҳужжатини 2019 йилнинг 1 ноябрь кунигача бўлган муддатга расмийлаштирмоқда ҳамда ундан кейинги муддатлар учун янги биометрик (қизил рангли) паспортлар талаб этилмоқда”.

“Шу муносабат билан, Элчихона маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011-йил намунасидаги биометрик паспорти (яшил рангли) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланади. Бу ҳақида, Туркиянинг тегишли мутасадди ташкилотлари Ўзбекистоннинг Анқарадаги Элчихонаси томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлиги орқали расман хабардор қилинган”. – дейилади ТИВ расмий хабарида.

Таъкидланишича, мазкур масалада муаммо чиққан ҳолатларда, фуқароларнинг элчихона консуллик бўлимига мурожаатлари асосида консуллик бўлими Туркиянинг тегишли идоралари билан қўшимча тарзда алоқага кириши натижасида кўп ҳолларда масала ижобий ҳал этилган. Шунинг билан биргаликда, “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йил намунасидаги биометрик паспорти (яшил рангли) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланиши” тўғрисида Туркия Ташқи ишлар вазирлигига такроран расмий нота юборилган.

Хабарда “Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан нотўғри нота юборилган”, “эски биометрик паспортлар муддати тугагунча амалда бўлиши турк томонига билдирилмаган”, “янги нота юбориш учун Рамазон таътилларининг ўтиши кутилган” каби иддаолар ҳақиқатга зид эканлиги қайд этилган.

Ўзбекистон ТИВ Ҳиндистондаги фуқароларга муҳим огоҳлантириш билан чиқди

Ҳозирда мамлакатнинг Туркиядаги элчихонаси ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Туркиянинг тегишли идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлимига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (0312) 441-17-46 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Шошилинч ва фавқулодда вазиятларда дам олиш кунлари элчихона навбатчи (0312) 441-38-71 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Эл.почта манзили: uzconsul.ankara@gmail.com. Факс: +90 312 442 70 58.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (+90212) 323-20-37 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Бош консулхона манзили: Levent Mah. Levent Cad. Lale Sok. No:8 Beşiktaş / İSTANBUL.Телефон: +90212 323 20 37. Факс: +90212 312 20 40. Эл.почта манзили: uzbekconsul@yahoo.com.

Фуқароларга қулайликни таъминлаш мақсадиди элчихона ва бош консулхонада навбатчилик йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар доимий равишда, шу жумладан дам олиш кунлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқдадир.

Бу жараён давомида фойдаланиш учун Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Туркиянинг тегишли идораларига тақдим этиш мумкин бўлган расмий маълумотнома тайёрланиб қуйида илова қилинмоқда. Уни фуқаролар тегишли идораларда эркин қўллашлари мумкин.