Ота-оналар ДХМ орқали болаларини мактабга жойлаштира олишмади

Жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган Тошкент шаҳридаги 81 та мактабда қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Бугун болаларни умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш тизими вақтинча ишдан чиқди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар қилди.

Кўпчилик айрим техник носозликлар сабаб болаларини умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш учун ариза топшира олмади.

Хабарда қайд этилишича, давлат хизматлари агентлиги мутахассислари томонидан мазкур муаммо тезкорлик билан бартараф этилган.  Белгиланган 81 та мактабга қабул пойтахтнинг барча Давлат хизматлари марказлари 21 июнь куни соат 9.00 дан бошланади.

Ҳар бир бола ўз микроҳудудига бириктирилиши керак – Халқ таълими вазирлиги

Хабарда тез кунларда эса ҳужжатларни онлайн тартибда my.gov.uz портали орқали олиш имкони яратилиши қўшимча қилинган.

Агентлик келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Мактабларга ҳужжатларни Давлат хизматлари маркази орқали топшириш учун фақатгина 2 та ҳужжат: ота-онанинг паспортлари, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 7 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган Тошкент шаҳридаги 81 та мактабда қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.