Гувоҳлар келмаяпти: Ақтўбеда ёниб кетган автобус эгаси устидан суд бошланди

Ўзбекистон ҳудудида сал кам бир йил терговдан яшириниб юрган автобус эгаси суд олдида жавоб беради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Туркистон вилояти Сариагаш тумани судида 2018 йил январь ойида ёниб кетган автобус эгаси Ордухан Мехтиевга нисбатан суд иши бошланди.

Гувоҳлар судга келмаяпти

Асосий суд мажлиси гувоҳлар келмаганлиги сабабли бир неча бор қолдирилди. Судья Тасболат Машрапов навбатдаги суд мажлисига гувоҳларни мажбуран олиб келиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор ижросини туман полиция ва прокуратура ходимлари таъминлайди.

Судья Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи уч нафар гувоҳни чақиртириш ҳақида қарор қабул қилди. Уларнинг барчаси Ақтобе фожиаси аввалги суд жараёнида иштирок этишган.

Судланувчи тергов изоляторида

Асосий судланувчи Ордухан Мехтиев – 52 йўловчи ҳалок бўлган автобус эгаси. Унга Жиноят кодексининг 348 моддаси 4 қисм “транспорт воситаларини сифатсиз таъмирлаш ёки уларни техник носозларни эксплуатацияга чиқариш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ шахс ўлимига олиб келиш” бўйича айблов эълон қилинган.

Ақтўбе фожиаси юзасидан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилди

Бу модда 4 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазо чорасини назарда тутади. 2018 йил январда фожиадан сўнг Мехтиев дарҳол қочиб, Ўзбекистон ҳудудида терговдан яшириниб юрган.

Ички ишлар вазирлиги халқаро қидирувга берди. 2018 йил охирида Мехтиев Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олинган ва Қозоғистон томони сўровига асосан Чимкентга депортация қилинган.

Ҳозирги вақтда судланувчи Чимкент 167/11-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Суд жараёни очиқ тарзда ўтказилмоқда.

Ақтўбе фожиаси

Қозоғистон Ақтўбе вилояти Самара-Чимкент трассасида 57 нафар киши бўлган автобус ёниб кетди. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлди – уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Беш нафар киши, шу жумладан қозоғистонлик ҳайдовчилар омон қолди.

2018 йил ноябрида Қозоғистон Ақтўбе суди уч нафар автобус ҳайдовчисига ҳукм чиқарди. Уларга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Транспорт компаниясининг таъсисчиси ва механиги 3,5 йил озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оила аъзоларига 2 миллион тенги миқдорида товон пули тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинган. Ўша вақтда автобус эгаси Ордхун Мехтиев қочиб кетгани учун энди суд олдида жавоб беради.