Бош прокуратура Гулистонда рашк туфайли содир этилган қотиллик тафсилотларини очиқлади

26 ёшли қотил танишининг ухлаб ётганлигидан фойдаланган. У ўзи билан олиб келган ип бўлаги билан унинг бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Бош прокуратура Гулистонда рашк туфайли содир этилган қотиллик тафсилотларини очиқлади.

Бош прокуратуранинг хабар қилишича, Мирзаобод туманида яшовчи фуқаро А.И. (1993 й.т.) 15 июнь куни илгаридан ўзига таниш бўлган Ў.А.ни рашк  қилган. Оқибатда қизнинг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзи билан олиб келган ип бўлаги билан унинг бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдирган. Сўнгра бўйнида бўлган тилла занжир, 1 жуфт тилла зирак, пластик карточкаси ва Samsung Galaxy русумли уяли телефонини қўлга киритган.

Рашк қурбони: Гулистонда 21 ёшли аёлнинг жасади топилди

“Жиноятнинг гумон қилинувчи А.И. томонидан содир этилганлиги унинг иқрорлик аризаси, кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, марҳумага тегишли бўлган далилий ашёлар: пластик карточкаси, ҳодиса жойидан олиб кетилган тилла буюмлар, Samsung Galaxy русумли уяли телефони, бармоқ излари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тасдиқланмоқда”, - дейилади прокуратура хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят қўзғатилди.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал 18 июнь куни вақтинча Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ижарада яшаган 21 ёшли Ў.А. исмли аёлнинг жасади қотиллик аломатлари билан уйидан топилгани ва қотил қўлга олингани хабар қилинган эди.