Қон гуруҳи инсон ҳаёти ва бойлик орттиришига қанчалик таъсир кўрсатади?

Қон гуруҳи инсон ютуқлари, унинг табиати ва умуман фаровон ҳаёт кечиришига қанчалик таъсир кўрсата олиши мумкинлиги маълум қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Қон гуруҳи инсон табиати ва фаровон ҳаёт кечиришига катта таъсир кўрсатади. Япониялик олимлар  кўп йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар натижасидан сўнг шундай хулосага келишди. Бу ҳақда Sputnik Озарбайжон Today News нашрига асосланиб хабар қилди.

Тадқиқотчилар қон гуруҳи инсон ютуқлари, унинг табиати ва умуман фаровон ҳаёт кечиришига қанчалик таъсир кўрсата олиши мумкинлиги борасида изланишлар олиб боришди. Маълум қилинишича, биринчи қон гуруҳи вакиллари раҳбарлик қилиш хислатларига эга. Улар аниқ бир мақсад сари интилувчан ва ўзига ишонган кишилардир. Шу билан бирга, қоннинг ёмон қуюлиши туфайли касаликка осон таслим бўладилар.

Селфи терининг эрта қаришига сабаб бўлади – олимлар

Иккинчи қон гуруҳи вакиллари ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар тиришқоқ ва сабрли кишилардир. Уларнинг бу хислатлари бойлик орттириш бобида кўзлаган мақсадларига эришишларига кўмаклашади. Иккинчи қон гуруҳи вакиллари осонлик билан безгак касаллигини юқтириб олишлари мумкин. Бундан ташқари, улар камгап, узоқ муддат давомида сайр қилишни хуш кўришмайдиганлар тоифасидан.

Қайд этилишича, учинчи ва тўртинчи қон гуруҳи вакилларининг пул ишлаб топиш борасида омадлари унчалик чопмаган. Чунки улар одатда ҳаётларини ижод қилишга бағишлашган ва уларни моддий бойлик қизиқтирмайди.

Қайд этиш жоизки, айрим мамлакатларда танишишда, иш ёки шерик излашда айнан қон гуруҳи сўралади. Масалан, Японияда одатда бўш ўрин (вакансия) ҳақидаги эълонларда қайси қон гуруҳига мансуб одам кераклиги албатта кўрсатиб ўтилади. Шунингдек, танишув сайтларида танишмоқчи бўлган одамнинг қайси қон гуруҳига мансуб бўлиши кераклиги олдиндан тилга олинади.