“Замон ўзгармоқда” - Саъдулла Ҳакимов блогерлар ва миллий ОАВ муаммолари ҳақида

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ОАВнинг бош вазифаси, блогерлар ҳамда глобаллашув жараёнида журналистлар касбий биродарлиги аҳамияти ҳақида гапирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 июн – Sputnik. Глобаллашув жараёнлари тобора кучаяётган ҳозирги жараёнда оммавий ахборот воситалари, жумладан, журналистларнинг яқин ҳамкорлиги, касбий биродарлиги, холислиги янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Журналистлар қўлни қўлга берса, эзгу ғоялар атрофида бирлашса, дунё бирлашади, деди бугун ўтказилган “Миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда ОАВ роли” анжуманида Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.

Солиқ қўмитаси блогерни “тунаган” инспекторларни ишдан ҳайдади

Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.

Ҳакимовнинг айтишича, бугун оммавий ахборот воситалари замонга мос шиддат билан ривожланиб бормоқда.

“Ҳатто бўлиб ўтаётган жараёнларни еткизиб улгуролмаяпмиз, айрим хабарлар ҳали журналистнинг оғзидаёқ эскириб қоляпти”, - дейди у.

Фуқаролик журналистикаси деган бир тушунчалар пайдо бўлаётгани, хусусан блогерлар фаолияти ҳақида тўхталди.

Блогерлик фаолияти ҳимоямиз остида – Бош прокуратура

“…Электрон оммавий ахборот воситалари тармоғи тобора кенгайиб бормоқда. Журналистларнинг янги замон тарбиясини олаётган беҳаловат авлоди майдонга кириб келаяпти. Блогерлар ўзларини кўрсатаяпти. Қачон бор эди блогер дегани? Блогерлик – эркинликнинг дастлабки ифодаси. Лекин буни маданияти, маънавияти (бўлиши керак эмасми), жамиятга қандай сўз айтиш керагу, қандай сўзни айтмаслик керак? Ҳатто энг оддий оилада ҳам айтиладиган ва айтилмайдиган сўз бор. Ўша айтиладиган сўз фарзанд тарбиясига ижобий таъсир вилади, айтилмайдиган сўз, уни ёмон йўллардан, бало-қазодан асрайди”, - дейди Ҳакимов.

Журналистлар уюшмаси раиси ўз нутқи якунида журналист биринчи бўлиб хабар етказишнигина эмас, балки ўзи билдираётган хулосанинг қонунга қанчалик мос эканлигига ҳам эътибор қаратиши лозимлигини эслатиб ўтди ва дунёга неча-неча буюк сиймоларни берган халқнинг ўз журналистикаси бўлиши кераклигига эътибор қаратди.