ТОШКЕНТ, 16 июн – Sputnik. Блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди, деди Давлат Солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев.
Хабарда айтилишига кўра, Солиқ қўмитаси бир неча кун олдин ходимлари О.Зияев ва Ш.Ҳасановлар томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг уяли телефони олиб қўйилиши доирасидаги вазиятни ўрганиб чиққан ва солиқ инспекторлари ваколат доирасидан чиққан ва касб одоби қоидаларини бузганлигини аниқлаб, уларни ишдан бўшатишга қарор қилган.
“Азиз Ашурбоев томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун унинг шахсий уяли алоқа телефонини тортиб олмаган ҳолда, тушунтириш ишларини олиб бориш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан кифояланиш лозим эди.
Касбий фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ушбу ходимлар лавозимидан озод этилди.
Келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси бундай низоларни ҳал қилиш механизмини жорий этиш масаласини қонуний ва ахлоқий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга киришди.
Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолияти очиқлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиб, бу йўлда журналистлар ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини билдиради”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 12 июнь Ўзбекистон ОАВларида “Блогерни тунаган қароқчи” сарлавҳали мақола тарқалган эди. Унда айтилишига кўра Instagramда оммавий блогер Азиз Ашурбоев реклама буюртмаси учун 400 минг сўмни олиш вақтида солиқчилар унинг телефонини олиб қўйишгани ҳамда ижтимоий тармоқдаги аккаунтларининг паролларини ўзгартириб қўйишганидан шикоят қилган эди.
Ушбу шмақола катта шов-шувларга сабаб бўлиб, президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов блогер билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқишни талаб қилган эди. Кейинроқ Бош прокуратура ҳам ушбу ишга ўз муносабатини билдирган ва блогерлик фаолияти қонун ҳимояси остида эканини хабар қилган эди.