ТОШКЕНТ, 16 июн – Sputnik. Исроил Душанбеда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши якунида имзоланган декларациянинг учта параграфига қарши чиқди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Хабарда айтилишига кўра, Исроил Қуддус шаҳри мақомига оид бўлган ОҲИЧК декларациясининг 17, 18 ва 19 параграфларига қарши чиққан. Ушбу параграфларда мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Қуддус шаҳрининг мақомига таалуқлидир.
Хусусан, декларациянинг 17 - бандида ОҲИЧК давлатлари Яқин Шарқдаги вазият ва бу борада БМТ резолюцияларининг бажарилмаётганидан хавотирда эканликлари қайд этилган. Шунингдек, ОҲИЧК давлатлари Қуддус шаҳрининг мақоми бир томонлама ўзгартирилишига қарши эканликлари қайд этилган.
Декларациянинг 18 - бандида ОҲИЧК давлатлари Эрон ядровий дастури бўйида биргаликда тузилган иш режасини қўллаб-қувватлашлари ва ушбу шартноманинг бошқа қатнашчиларидан ҳам ўз мажбуриятларини бажариш талаб қилинган.
19 - бандда Яқин Шарқда ядровий ва бошқа оммавий ўлим қуролларидан холи ҳудуд ташкил қилиш таклиф этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил охирида АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олган ва ўз элчихонасини ушбу шаҳарга кўчирган эди. Бунга нафақат Ислом давлатлари, балким дунёнинг бошқа мамлакатлари ҳам қарши чиқишган, БМТнинг таалуқли резолюцияси қабул қилинган эди.