Қозонда Ўзбекистоннинг бош консулхонаси очилди – фото

Бугунги кунда Россияда Ўзбекистоннинг битта элчихона ва бешта бош консулхонаси фаолият юритмоқда. Қозонда очилган бош консулхона Россиядаги олтинчи дипломатик ваколатхона бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилди. Бош консулхона Волгабўйи федерал округининг 14 та минтақасида бўлган фуқароларга хизмат кўрсатади.

Консулхонанинг очилиш маросимида Татаристон президенти Рустам Минниханов ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов иштирок этишди, деб хабар қилди РИА Новости мухбири воқеа жойидан.

Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси Қозоннинг бизнес марказларидан бирида жойлашган. Бош консул Фариддин Насриевнинг сўзларига кўра, мазкур консуллик округига Волгабўйи федерал округининг ҳамма 14 та минтақаси киради. Консулхонанинг асосий вазифаси мазкур минтақада Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия минтақалари ўртасида маданий-гуманитар ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан иборатдир.

“Бугун тарихий воқеа содир бўлмоқда – Татаристон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг бош консулхонаси очилмоқда. Мен шу муносабат билан қабул қилувчи томондан бош консуллигимиз фаолиятини ташкиллаштиришда биз ҳис қилаётган доимий кўмак учун жуда миннатдорман. Умид қиламанки, консуллик ўзаро муносабатларимизнинг янада ривожланиши учун хизмат қилади ва биз бу ерда яшайдиган, ишлайдиган фуқароларимизга кўрсатиладиган консуллик хизматлари сифатини яхшилаймиз”, - деди Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси очилиш маросимида.

Асадов Қозонда консуллик очилиши билан Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашишига умид билдирди.

Бугунги кунда Россияда Ўзбекистоннинг битта элчихона ва бешта бош консулхонаси фаолият юритмоқда. Яқинда Ростов-Донда яна бир ваколатхонани очиш режалаштирилган.