Давлат хизматлари орқали ОТМларга ҳужжат топшириш бепул бўлди

Жорий йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн - Sputnik. Давлат хизматлари марказлари орқали белгиланган Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлик учун,шунингдек давлат хизматлари кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди, деб хабар берилди ДХМ телеграм каналида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, айрим ОТМларга ҳужжат топшириш Давлат хизматлари маркази ва Ягона портал орқали амалга ошириладиган бўлди.

Юқоридаги қарорнинг 11-бандида аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда давлат хизмати кўрсатилганлиги учун ЭКИҲнинг ярим баравари (101 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган эди.