Блогерлик фаолияти ҳимоямиз остида – Бош прокуратура

Бош прокуратура солиқчилар телефонини олиб қўйган блогер бўйича муносабат билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида “2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда cолиқ органлари томонидан блогер Ашурбоев Азизбек Абдукаримовичнинг телефони ҳамда унинг “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси олиб қўйилганлиги ҳолати юзасидан берилган саволга жавоб қайтарилди.

Ижтимоий тармоқда реклама жойлаётган блогерлар солиқ тўлаши шарт - Солиқ қўмитаси

Бош прокурор ўринбосари Э. Йўлдошев мазкур масала юзасидан фикр билдириб, ушбу ҳолат Бош прокуратуранинг алоҳида назоратига олинганлиги, бугунги кунда Департамент томонидан давлат идоралари ходимларининг блогер А.Ашурбоевга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув тайинланганлиги ҳақида маълумот берди.

“Шу ўринда Бош прокуратура Ўзбекистон блогерларини доимо қўллаб-қувватлаши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилади”, - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда блогер реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, “Инстаграм”даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.