ТОШКЕНТ, 13 июн – Sputnik. Уммон кўрфазида ҳужум қилинган икки нефть танкерларидан бири - Front Altair чўкиб кетди. Бу ҳақда РИА Новости Ливиянинг Al-Mayadeen телеканалига таяниб хабар қилди.
Шу билан бирга, Рейтер агентлиги Frontline компанияси вакили сўзларига асосланиб, кема ҳали ҳам ёнаётгани, лекин ҳозирча чўкиб кетмаганини хабар қилмоқда.
Аввалроқ эрон ва араб ОАВлари Уммон кўрфазида икки нефть танкерига ҳужум қилингани, иккита портлаш содир бўлганини хабар қилишганди. Front Altair бортида 23 киши, иккинчи танкер Kokuka Courageous бортида эса 21 киши бўлган. Барча денгизчилар қутқарилган, уларни Naji кемаси Жаск портига элтиб қўйган.
Маълум қилинишича, Front Altair Тайваннинг СРС давлат энергетика компанияси томонидан Яқин Шарқдан ёқилғи ташиш учун ёлланган. Кема 75 минг тонна лигроин – суюқ углеводородларнинг ёнувчан қоришмасини ташиётган бўлган. СРСнинг хабар қилишича, кемага “тахминларга кўра, торпеда келиб тушган”.
Эслатиб ўтамиз, 12 майда Саудия Арабистонидаги “Шарқ – Ғарб” нефт қувурининг иккита насос станциясига дронлар ҳужум қилганди. Оқибатда 8 станцияда ёнғин содир бўлган, лекин уни тезда ўчирилган. Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли бўлган Aramco нефт компанияси ушбу ҳужумни “қўрқоқларча амалга оширилган теракт ва диверсия” деб атаганди.